Бош сахифа » 2010 » Ноябрь » 25 » Насиба Абдуллаева Жаъфарбек билан "хайр"лашиш онлари
02:54
Насиба Абдуллаева Жаъфарбек билан "хайр"лашиш онлари

  «ХАЙР» ДУЭТИ УЧУН

 КЛИП СЪЁМКАСИДАН ФОТОРЕПОРТАЖ

 23 ноябрь куни "Ўзбекфильм” павильон-ларидан бирида Ўзбекистон халқ артисти Насиба Абдуллаева ва ёш хонанда Жаъфарбекнинг   "Хайр” деб номланган дуэтига клип суратга олинди.

Суратга олиш майдончасига кириб келганимизда, дуэтни ёш хонанда Жаъфарбек куйлаган қисмини, суратга олиниши бошланаётган эди.

Соат 14.00 да бошланган клипни суратга олиш ишлари, соат тунги 24 га қадар давом этиши режалаштирилган экан. Бугун клипни суратга олишни иккинчи куни бўлиб, биринчи кун овоз ёзиш студиясида суратга олинибди.

Клипни павильондаги тасвирлари, икки хил фонда суратга олиниши керак бўлиб, булар оқ ва қора рангдаги фонлар экан. Павильондаги илк тасвирлар оппоқ фонда, орқа планда созандалар билан суратга олина бошланди.

Павильон ниҳоятда совуқ бўлиб, барча ижодий гуруҳдагилар иссиқ кийимларда эдилар. Лекин, Жаъфарбек битта кўйлакда суратга тушишига тўғри келаётган бўлиб, у кадрда ўзини совуқда  қолганлигини билдирмасликка ҳаракат қилиб, берилиб қўшиқ куйларди. Бир неча дубллар олингач, Жаъфарбек билан унинг илк клипи ва дуэт ҳақида суҳбатлашдик.

Асл исми Жасур Кенжаев бўлган хонанда, Жаъфарбек тахаллусини танлаган. Шунингдек, унинг асл касби аранжеровкачи бўлиб, кўплаб машҳур хонандаларнинг қўшиқларини аранжеровка қилган. Шунингдек «Нихол” мукофоти совриндори Сухроб Кенжаев Жаъфарбекнинг укаси бўлади.

 

Жаъфарбек: - Бу клип суратга олинаётган «Хайр» дуэтининг сўзлари Ирода Қурбоновага тегишли, мусиқаси ва аранжеровкаси ўзимники. Касбим аранжеровкачи бўлганлиги учун, шундан келиб чиқиб, бир ярим йил–икки йилча бу қўшиқ менда турган эди. Насиба Абдуллаева  билан дуэт куйлаш, бу олдиндан қилинган ният. Бу биринчи дуэтим. Аввал яккахон тарзда "Алло” ҳамда, "Ялло” қўшиқларини куйлаганман (клип сайтимизда премьера қилдинган).

 

Феруза: - Нима учун айнан Ўзбекистон халқ артисти Насиба Абдуллаева билан? Буни уларни машҳурликлари билан боғлаш мумкинми?

Жаъфарбек: - (қатъий) Йўқ! Авваламбор, Насиба опани ёшлигимдан танийман ва устоз сифатида қарайман. Ижодларини кузатиб бориб, иложи борича ўрганишга ҳаракат қиламан. Нима тўғри, нима нотўғрилигини ўрганса бўладиган, шунга муносиб санъаткор деб ҳисоблайман. Чунки, ҳам босиқ, ҳам маданиятли, ҳам ўзига эътиборли аёл. Ҳам санъатда яхши қўшиқлар яратиб, ўз йўналишидан ҳеч қачон (30 йилдан буён саҳнада бўлсалар ҳам) чиқмаганлар. Улар билан дуэт куйлашни ҳоҳлаганим учун, айнан уларни ёнларига бориб, "Хайр” деган қўшиқ бор деб, таклиф бердим. Эшитиб кўрдилар. (кулимсираб) "Менга ёзганмисан, ёки ўзинггами?” дедилар. Уларга маъқул келди. Бирга куйлаганимизда ҳам, мана бу ерини бундай қилсанг яхши бўлади, деб йўл-йўриқ кўрсатиб, тушунтирдилар. Бу мен учун икки томонлама яхши бўлди, ҳам хонанда сифатида, ҳам аранжеровкачи сифатида.

 

Феруза: - Демак, дуэт куйлаш таклифи ўзингиздан чиқди?

Жаъфарбек:- Ҳа, мендан ва продюсерим Алишер акадан. Шуни ҳам айтиб ўтишим керак, мен продюсерим Алишер акадан жуда ҳам миннатдорман. У киши жуда ҳам, ўз ишига масъулиятли ва яхши инсон.

(Эслатма: Алишер Ойбек ва Нигоранинг продюсери)

 

Феруза: - Қанчадан буён қўшиқ куйлайсиз?

Жаъфарбек: - Мен ўзи ёшлигимдан қўшиқ айтаман. Лекин, эстрада қўшиқчиси сифатида бир йил бўлди десам ҳам бўлади.

 

Феруза: - Ўзингиз аранжеровкачисиз, мухлислардан, бу ҳам қўшиқ куйлаб юборибди-ю, деган фикрлар чиқса, қандай қарайсиз?

Жаъфарбек: - Тўппа-тўғри. Бундай фикрлар чиқади ҳам. Энди мен студияда ишлаб, шундай қўшиқчиларни овозларини "тозалаганман”. (самимий) Созанда ва хонанда сифатида, балки улардан яхшироқ бўлсам керак деб ўйлайман. Чунки, аранжеровкачи Рустам Маҳмудов қўшиқ айтиб чиққанида, худди шундай саволларга учраган. Лекин, Рустам акамдек қўшиқчи жуда ҳам кам. Улуғбек Отажонов ҳам шундай ўзи бастакор, ўзи созанда. Фарҳод Саидов ҳам. Масалан, Европада бу нарса тўғри қабул қилинади. Стинг ҳам мусиқачи, гитарачи, бастакор, аранжеровкачи ва хонанда. Бизда ҳам секин-секин бу нарса ривожланса керак. Барибир ўзингизга ёзсангиз, ишингизни тушуниб ижод қиласиз. (ўйланиб) Кимдир шоу бизнесга қизиқиб киради, кимдир пул учун, кимдир машҳурлик учун. Мен эса, ота-онамни орзуси учун. Чунки, ота-онам санъаткор. Отам Муҳиддин Кенжаев ҳам ҳофизлар. Укам ҳам хонанда Суҳроб Кенжаев. Бир куни продюсерим жуда тўғри бир гап айтдилар: - "Ота-онага миллион берсанг ҳам кам, улар сени пулингга зор инсонлар эмас. Уларга энг маъқул, уларни ёшартирадиган нарса, бу одамларни уни фарзандини мақтаб гапирганлари. Ота-онангга раҳмат, деган сўзларни эшитиб юришлари.” Қолаверса, бу менга ота касб бўлганлиги учун ҳам, бемалол қўшиқ куйлаяпман деб ўйлайман.

 

Феруза: - "Хайр” клипини ғояси кимдан чиқди?

Жаъфарбек: -   Мен ва продюсеримдан. Насиба опага фикрларимизни айтдик. Кейин клип режиссёри Рустам Муродов ғоямизни олиб, бутунлай ўзгартирдилар. Профессионал қилиб, европароқ деганим учун, сал содда кўринишлигу, лекин сифатли бўлсин деганимга, бир-биримизни фикримизни тушуниб, трек йўналишини танладик.

 

Феруза: - Сизлар аслида клипни сюжетли бўлишини ҳоҳлаган эдингизми?

Жаъфарбек: - Рустам Муродов биз ҳоҳлаган кўп кадрларни, кераксиз эканлигини бизга тушунтириб бердилар. Шу ҳолатларни, бошқа нарса билан ҳам кўрсатиб бериш мумкинлигини исботлаб, улар ўз ишида профессионал бўлганликлари учун шу фикрга келдик.

 

Феруза: - Клипни биринчи кундаги суратга олиш ишлари, овоз ёзиш студиясида суратга олинибди. Бу бошқа клипларга ўхшашлик, бир хиллик эмасми?

Жаъфар: - Баъзи клипларда олингандир, лекин бу клипдагиси менимча, бошқа клипларга ўхшамайди деб ўйлайман.

 

Клип суратга олинаётган павильонда, режиссёрлар Мирмақсуд Охунов ва Ёлқин Тўйчиевларни кўриб  қолдик. Маълум бўлишича, Мирмақсуд Охунов клип режиссёри Рустам Муродов билан дўст бўлиб, улар биргаликда ишлашар экан. Режиссёр Ёлқин Тўйчиев ҳам Рустам Муродов билан дўст бўлиб, бир-бирларини съёмка жараёнларига бориб туришар экан. (Лекин, Ёлқин Тўйчиевни бу клипга алоқаси йўқ экан.)

 Клипни сурат олиш жараёнида, клипмейкер режиссёр Ёдгор Носиров ҳам келиб кетди.

 Суратга олиш майдонига яна бир клипмейкер режиссёр Жасур Шаметов кириб келганида, уни ҳам дўст бўлгани учун, кўришишга келди деб ўйлаган эдик. Лекин, Жасур Шаметов ўзининг сайти учун фотожамланма яратишга келган бўлиб, павильоннинг бошқа қисмидаги фонларда суратга тушишни бошлаб юборди.



Клип режиссёри Рустам Муродовнинг фикрлари билан ҳам қизиқдик.

 

Режиссёр Рустам Муродов: - Клип трек йўналишида ва ҳеч қандай бир ортиқча сюжетларсиз, томошабинни ўзини тасаввурига (фантазиясига) ҳавола этяпмиз. Қўшиқни кайфиятидан келиб чиққан ҳолда. Худди шу тарзда томошабинга етказмоқчимиз. Қўшиқни тинглаганида, ҳар қандай одам ўз тасаввури (фантазияси) бўйича тасаввур қилади. Қандайдир бир воқеани кўрсатиб, бундай бўлган деб кўрсатишни ҳоҳламадик.

 

Феруза: -Бошида ижодкорлар сюжет йўналишини ҳоҳлашган экан?

Режиссёр Рустам Муродов:- Ҳа, бошида сюжет бўлган. Лекин, бу нарса бироз (банальный) кўп қўлланилган эди. Сюжетда кўрсатиладиган нарсани қилмаса ҳам, томошабин ўз тасаввуридан келиб чиқиб кўриши мумкин.

 

Феруза: - Лекин, ҳозирги трекда ҳам, орқа фонда созандалар мусиқа асбобларини чалиб туришлари ҳам (банальный)  кўп қўлланилган эмасми?

Режиссёр Рустам Муродов: - Бўлиши мумкин, лекин буни етказиб берилиши бутунлай бошқача! Етказиб берилиш креативроқ.

 

Феруза: - Суратга олиш учун, нега оқ ва қора фонларни танладингиз?

Режиссёр  Рустам Муродов: - Ҳаётдан келиб чиққан ҳолда. Ҳаётда ҳам гоҳида оқ чизиқ, гоҳида қора чизиқ бўлади. Ойни ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ деган маънода.

 

Феруза: - Клипда компьютер графикасидан ҳам фойдаланиладими?

Рустам Муродов:- Ҳа, фойдаланилади, қайси маънода-ки қисман фойдаланилади. Штрих бериб ўтилади.

 

Феруза: - Насиба Абдуллаева билан олдин ҳам ҳамкорлик қилганмисиз?

Рустам Муродов: - Ҳа, икки йил аввал менимча, озарбайжонча қўшиқларига клип суратга олдирганларида. (Номини эслай олмади) Ёмғирлар билан, декорацияларда суратга олинган. Жаъфарбек билан эса биринчи марта бирга ишлашимиз. Ишлаш услуби маъқул, камерани яхши ҳис  қиляпти. Ишлаш осонроқ, ярим сўзингизданоқ сизни тушунади. Яна клипни ижодий жамоаси ҳақида ҳам шуни айтишим мумкин-ки, фақат профессионаллар ишламоқда. Клип икки ҳафталарда тайёр бўлади.

 

Феруза: - Клипни бошқа клиплардан ажралиб турадиган жиҳати нимада деб ўйлайсиз?

Рустам Муродов:-(Подача) Етказиб берилишида! Айнан, оддийликда, табиийликда. Жуда бир нарсаларни кўпайтириб юборишдан, компьютер графикасини кўп бўлиши ва синтетик нарсалардан қочяпмиз. Табиийлик барибир тез сезилади.

 

Шу куни Зиёданинг илк концерт куни бўлганлиги боис концертга репортаж учун ошиқдим. Клипдан репортаж давомини эса Саида Вахобовага топширдим.

 

Режиссёр Рустам Муродов билан суҳбатимиз ниҳоясига етган вақтда, суратга олиш майдонига Ўзбекистон Халқ артисти Насиба Абдуллаева кириб келди ва улардан ҳам фикр олдик.

 

Саида: - Нима учун дуэтдош сифатида ёш хонанда Жаъфарбекни танладингиз?

Насиба Абдуллаева (Ўзбекистон Халқ артисти): - Ўтган сафар  Sayyod  билан учрашганимда ҳам айтганимдек, қўшиқ овозга ва ижро услубига тўғри келадиган бўлса, оҳанг ярашадиган бўлса, деган гапларни ҳам айтган эдим. Жаъфарбекни олиб келган қўшиғи, мени йўналишимга жуда яқин, оҳанглари мени овозимга мос, мени овозим ўрганган ва ўзини эркин ҳис қиладиган оҳанг бўлгани учун, бирга дуэт куйлаш таклифига рози бўлдим. Кейин ўзи ҳам мусиқачи сифатида, истеъдодли мусиқачи эканлигини яхши биламан, қўшиқчиликка ҳам қўл урган экан, ҳаракат қилаётган экан, ўйлайман-ки, нафақат Жаъфарбек, бошқа ёшларга ҳам, йўл, ўрнак кўрсатиш керак. Бу қандайдир бир лойиҳадан ҳам кўра, устоз-шогирдни биргаликда қилган мана шу ҳамкорлиги, (жилмайиб) бир мастер-класс деб ҳисобласа ҳам бўлади. Чунки, устоз сифатида, биздан жуда ҳам кўп маслаҳатлар сўраб келишади. Маслаҳатни шундоқ тилда ҳам бериш мумкин. Ундай қилинглар, қўшиқни бундай айтинглар деб. Лекин, мана шундай дуэтлар бўлган пайтда, ёш ижрочиларга қўшиқни ёзилиш жараёнида ҳам, съёмка жараёнида ҳам, айниқса қўшиқ ёзилаётган пайтда, тўғридан-тўғри мастер-классга ўхшаган бир дарс ўтгандек бўламиз. Улар учун бир мактаб бўлади. Мана шу жараён, айниқса уларнинг эсида қолади.

Қўшиқни қайсидир жумлаларини улар ўзига бошқача тасаввур қилишган бўлса, мени ўзимни тасаввурим, ўзимни кўришим бор. Ўзимни йўлимда айтган пайтимда қандайдир, уларни эсида қоладиган бир ҳаётий, жонли бир дарс ўтгандек бўламан. Шунинг учун, ўйлайман-ки, шундай ҳамкорлик ёш ижрочиларимизга қандайдир мусбат томонга, фойдали бўладиган бўлса, буларни эсида қоладиган бўлса. Ўша интервьюмизда бир гапирган эдим. Агар Ботир Зокировни умрлари узоқроқ бўлганида, балки мен ҳам бир жавоҳирга эга бўлган бўлардим. (самимийлик билан) Балки бирга бирор-бир қўшиқни ижро этган бўлардик ва бугунги кунда устозим билан айтган мана шундай қўшиғим бор деган бўлардим. Ёшлар билан айтаётган қўшиқларим, булар учун ҳам бир арзигулик эсдалик бўлиб қолса. (жилмайиб) Бу билан ҳали дуэтларимиз тўхтамайди. Ёш ижрочилар ҳозир навбатда туришибди. Улар билан ҳам ижро этадиган кўплаб қўшиқларимиз бор.



 

Саида: - Улар кимлар?

Насиба Абдуллаева: - (жилмайиб) Кимлигини кейин биласиз.

 

            Саида: - Нима деб ўйлайсиз, ёш хонандалар билан қўшиқ куйлаш, рейтинг мавқеингизга бироз бўлса ҳам таъсир кўрсатмасмикан?

            Насиба Абдуллаева: - (самимийлик билан) Мен, ёнимда фалончи ёки пистончи бўлгани учун, ўзимни рейтингимни кўтарган эмасман. Ўзимни маҳоратим устида ишлаш билан, кўп ўн йиллар давомидаги меҳнатим эвазига, рейтингимни қўлга киритганман ва ҳурматга сазовор бўлганман. Ўйлайман-ки, устоз деган даражага кўтарилган эканман, устоз ҳамма учун баробар бўлиши керак. Устозни дарс берадиган синфида, аълочи ва бир кун келиб, жуда катта одам бўлиб кетадиган ўқувчилар ҳам, умуман ҳеч нарса қўлидан келмайдиган ўқувчилар ҳам бўлади. Лекин, устоз ҳаммага бир хил сабоқ беради. Мен умид қиламан-ки, мен билан қўшиқ айтиб, бир нарсани ўрганишни ҳоҳлаган ёшлар, ўзлари учун, яхши таассуротлар олиб қоладилар. Яхши хулосалар чиқариб, санъатда ҳам, иложи борича яхши муваффақиятларга эришишга ҳаракат қилишади. (самимийлик билан) Ёш хонандаларни танилган, танилмаганлигига қараб эмас, иқтидорига ва истеъдодига қараб, эътибор кўрсатиш ва қўлимиздан келган ёрдамни қилиш, устозларни вазифаси.

 

Саида: - Бўлиб ўтиши кутилаётган концерт дастурингизда дуэтдош сифатида Жаъфар ҳам иштироқ этадими?

Насиба Абдуллаева: - Мен концертимда мен билан дуэт ижро этган, ё мендан бир нарсаларни ўрганган шогирдларимни иштирок этишига, фақат битта шарт билан рози бўлдим. (самимий жилмайиб) Мен билан қўшиқ ижро этадиган шогирдларни ҳаммаси, жонли ижро қилиши керак бўлади. Бу ҳам яна бир дарс бўлади, яна бир мастер-класс.

 

Саида: - Анъанавий савол, клипдаги имиджингиз ҳақида?

Насиба Абдуллаева: - Клипда ўз имиджимдан жуда узоққа кетганимиз йўқ. Ўзимни концерт дастурларимда, ё ҳаётда киядиган кийимларим. Одатий соч турмаги ва макияж.

 

Саида: - Клип трек йўналишида суратга олиняпти, сиз ўзингиз ҳам бир қўшимчалар киритдингизми, ёки ғоя, фикр қўшдингизми?

Насиба Абдуллаева: - Ғоя қўшганим йўқ. Чунки, ҳар битта ишни устаси қилгани маъқул деб ҳисоблайман. Ғоя, янгиликлар, қўшимчалар киритганим билан уни четдан ва экранда қандай кўринишини олдиндан кўра олмайман. Чунки, режиссёр эмасман. Шунинг учун, режиссёр мендан талаб қилган ҳамма нарсани, иложи борича тўғри бажаришга ҳаракат қилдим.

 

Шундан сўнг, Насиба Абдуллаевани кадрларини суратга олиш ишлари бошланди.

 Павильон ниҳоятда совуқ бўлганлиги учун, хонанда Насиба Абдуллаева танаффус вақтлари елкасига қалин кийим ташлаб олишига тўғри келди.
Лекин, суратга олиш ишлари вақти, қалин кийимда эмас, юпқа кўйлакда суратга тушди.
 У кишини иродасига қойил қолдик.

Жаъфарбекни кадрлари суратга олинаётган вақтда Насиба Абдуллаева мониторга қараб, уни қўшиқ куйлашини, экрандаги ижросини кузатди.

Танаффус вақти клипда суратга тушаётган созанда қизлардан бири, Насиба Абдуллаева билан кеча иш жараёнида тушган суратига дасхат ёздириб олди.

Шунингдек, созандалар Насиба Абдуллаева билан суратларга ҳам тушишди.

Насиба Абдуллаева нафақат машҳур санъаткор, балки жуда ҳам камтар ва хушфеъл инсон эканлиги билан ҳам, ижодий гуруҳни меҳрини қозонди.

Вақтида ижодий гуруҳ аъзоларига самимий, чиройли ҳазил сўзлар айтиб, ҳамда вақтида режиссёрнинг талабларини аъло даражада бажариб, яна бир бор ўз ишининг устаси эканлигини намойиш этди.

Жаъфарбек ҳам, бу биринчи клипи бўлганлиги учун, ўз ишига жуда масъулият билан киришиб, қўшиқнинг ўзига тегишли қисмларини ҳолатга кириб ижро қилди.

 Суратга олиш майдончасини тарк этаётганимизда, соат 21.00 дан ошган ва суратга олиш ишлари ҳамон давом этарди. Бу вақтда Насиба Абдуллаева ва Жаъфарбекни биргаликда куйлаган кадрлари суратга олинаётган эди.

Демак, "Хайр” клипининг премьерасини, биринчи бўлиб фақат "Sayyod.com”да, кутиб қоламиз.

 

Феруза Фаттохова

Саида Вахобова


Суратда : Жаъфарбек, Насиба опа, уларнинг  маъмурлари Дилором опа, Ойбек ва Нигора хамда Жаъфарбекларнинг продюсери Алишер.

Бўлим: Suhbat | Intervyu | Reportaj | Кўрилган: 6225 | Чоп этди: Sayyod | Теглар: Nasiba Abdullayeva, Jafarbek

Нравится
Барча изохлар: 11
1 KrasavchiK   (25-Ноя-2010 14:58) [Материал]
Ming marta o'qib, ewitgandan ko'ra bir marta tomosha qilgan afzal degan ekan bir donishmand ! shunaqa Sayyod klipni ham originalidan qo'ysiz ko'rib baho berardik ! kutib qolamiz klipni !

2 armonli bola   (25-Ноя-2010 19:12) [Материал]
yana bunisis kim bo`ldi tavba

3 bahrom   (25-Ноя-2010 20:08) [Материал]
Носиба Абдуллаевани озорбайжонча кушикларини севиб тинглайман. Ижодаларигаомадлар тилайман.

4 lolo   (26-Ноя-2010 00:45) [Материал]
ooo zo`r ku bu to`tlik 5+

5 Zoyi   (26-Ноя-2010 11:54) [Материал]
вай, песня классная, Насиба опа красотка!!! Ну кто скажет, что ей 49? И вся естественная! Грациозная, талантливая, ее муж счастливчик! У нее идеальный овал лица. А правда, что ее концерт до весны откладывается, а то я так ждала

6 Drujba Burger   (29-Ноя-2010 03:21) [Материал]
Klip olish paytida sanatkorlaga Drujba Burger GAMBURGERLARI bilan ovqatlanishdi !!!!!!!

7 Shirin   (29-Ноя-2010 07:50) [Материал]
Qo'shiq yaxshi chiqibdi, ko'chirib olayap,man, Uzr bir savol, bu Jasurbek "Maftuna" filmida rol o'ynamaganmidi, yo o'hshatdimmi?

8 shahnoza   (30-Ноя-2010 13:06) [Материал]
man ulani ijodlariga omad tiliman ashaddiy muhlislari bo'lib ulani qo'llab quvatlayman , mani sherlarimni qo'shiq qilib chiqsangiz deyman, sizni ijodingizni oldindan kuzatib yurar edim ,aranjerovkachi sifatida ham tanir edim , omad sizga ja'far

9 shahnoza   (30-Ноя-2010 13:07) [Материал]
maftuna filmidagi rolingiz ham betakror edi omad sizga

10 SARVINOZ   (09-Мар-2011 02:07) [Материал]
SUXROB KENJAYEVNI JUDA KO'P KURAMAN HECH GAPLASHOLMAYMAN! NEGA GURUHINGIZ O'G'LIZ NOMIDA? OILANGIZGA OMAD! )))))))))

11 SARVINOZ   (09-Мар-2011 02:13) [Материал]
NASIBA.A NI VA JASUR.K NI QUWIQLARINI SEVIB EWTAMAN! PESNYA KLYOVIY! UKANGIZ SUXROB KENJAEVNI KO'P KURAMAN NO GAPLAWIWGA UYALAMAN! OILANGIZGA OMAD!

dth="100%" cellspacing="1" cellpadding="2" class="commTable">
Исмингиз *:
Email(шартмас):
Код *:

Диққат: Ёзиб қолдирилган изох дарров сайтга чиқмайди. Хар бир изох узоғи билан 24 соат ичида текширувдан ўтади. Мабодо бу вақт ўтгач хам сайтда изохингиз чиқмаган бўлса унда чиқарилмаганлик сабаблари қўйидагича бўлиши мумкин: 

Сайтимизда сўкиниш, хақорот, камситиш, мазах қилиш, салбий ва диний тарғибот, махалийчилик, миллатчилик, реклама ва қадр қимматни ерга ургувчи АЛОМАТЛАРИ БОР изохлар сайтга чиқмасданоқ ЎЧИРИЛАДИ!

Шунингдек миш-миш бўлиб кетишига сабабчи бўлгувчи тасдиқланмаган маълумотлар, тасдиқланмаган гап-сўзлар хам изохлардан ўчирилиши мумкин!

-Қолдирилаётган изох ўша мақоладан ташқаридаги мавзуда бўлса хам ўчирилиши мумкин. 

(батафсил манбаа)

Изохлар модератори NOZI, Шахло Қодирова ва Бекзод

YUQORIGA!